Риштонлик кулол Алишер Назиров


Алишер Назиров (чапда) ва шогирди

Анъанавий риштон кулолчилиги ўзининг мовий ранги ва юқори сифати билан ўзига хосдир. Риштон сополи юпқа, енгил ва пишиқ бўлиб сирида тўрсимон ёриқлар пайдо бўлмайди. Риштон кулолчилик буюмлари доим совға сифатида хизмат қилиб, уйларда токчаларни безаб келган. 1900 йилда Парижда ўтказилган Бутунжаҳон кўргазмасида Риштон кулолчилиги Европанинг илғор кулолчилиги билан рақобатлаша олишини намоён қилди.

Мутахассислар фикрига кўра, замонавий Риштоннинг моҳир кулоллари бажарган ишлари XX асрнинг бошларидаги Риштон кулолчилигидан қолишмайди.

Улардан бири Алишер Назировдир. У Биринчи авлод кулолдир. У анъанавий Риштон нақш элементларини ва қадимги шаклларини таратувчи моҳир устадир.

Ҳунарни уста Элибой Далиев, уста Абдуқодир ва унинг ўғли Кимсанбой Абдуқодировдан ўрганди. А. Назиров, бошқа усталар каби, Иброхим Комиловни устоз деб билади. 1989-1996 йилларда Риштон керамика заводида бош рассом бўлиб ишлаган. У 1994 йилда Японияда Исокичи Асакура устахонасида тажриба орттирди. Уста Ўзбекистондаги ва хориждаги кўргазмаларнинг доимий иштирокчисидир шу жумладан, Комацида (Япония) Бутунжахон кулоллари кўргазмаси, Ганноверда ЭКСПО-2000 кўргазмалари. Алишер Назировнинг асарлари Ўзбекистон, Россия ва Япония музейлари коллекциялари қаторидан ўрин эгаллаган. 1991 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

«Ўзбекистон кулолчилиги давомчилари» кўргазмаси материаллари асосида тайёрланди.

Мулоҳазалар йўқ

Мулоҳаза қолдиринг