Ёғоч ўймакор Саидкомил Хўжаев

Бугун биз иқтидорли ёш ёғоч ўймакорлардан бири Саидкомил Хўжаевнинг ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Саидкомил Хўжаев 1984 йили Тошкент шаҳрининг Сузук ота махалласида ҳунарманд оиласида дунёга келди.

Саидкомилда ҳунарга бўлган қизиқиш ёшликдан – отаси Саидкарим акага дурадгорлик ишларида ёрдамлашиб юрган кезларида уйғонди. Ушбу қизиқиш уни ёғоч ўймакорлик тўгарагига етаклади. У Қобил Орифжонов раҳбарлик қилган тўгаракда бошланғич дурадгорлик, ёғочга ишлов бериш билимларини эгаллади.

Саидкомил Хўжаев ўрта мактабни тугаллагач, 1999 йилда Собиқ Бенков, ҳозирги Республика расссомлик коллежига ўқишга кирди. Коллежда Ўзбекистон халқ устаси Ортиқ Файзуллаев ва Ғулом Йўлдошевлар ёғоч ўймакорлиги санъатидан таълим беришди. Саидкомил устози Ортиқ Файзуллаевдан ҳунарга бўлган меҳр-муҳаббат, гўзал нақшлар чизиш сирларини ўрганган бўлса, Ғулом Йўлдошевдан ёғоч ўймакорлиги санъатининг тарихи ва назарий билимларини эгаллади.

Ustoz-ziyorati
Устоз зиёрати…

Саидкомил ўз маҳоратини янада ошириш мақсадида Юнусобод туманидаги болалар ва ўқувчилар саройида Эргаш Алиев раҳбарлигидаги ёғоч ўймакорлиги тўгарагига борди. Саидкомил устози Эргаш акадан ишга юқори аниқлик билан ёндошиш, сайқал бериш ва пардозлаш билимларини пухта эгаллаб устозининг фотиҳасини олди.

Устанинг ижодий ишларидан намуналар

Саидкомил Хўжаев коллежни битириш арафасида Бадиий академиянинг дипломи билан тақдирланди. Бундан ташқари у кўпгина танловларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

Саидкомил 2003 йилда Республика болалар бадиий ижодиёт марказида ёғоч ўймакорлиги тўгараги раҳбари сифатида иш бошлади.
3
У ҳозирги кунгача болаларга ёғоч ўймакорлиги сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Унинг шогирдлари ўз ижодлари билан бир қанча ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган танловларда ғолиб бўлиб келмоқдалар.

Хоналар кўргазмали плакатлар билан жиҳозланган

Педагогик фаолиятини эрта бошлаган ёш уста ўзи билан ёнма-ён ижод қиладиган шогирдларни ҳам етиштиришга улгурди.


Устанинг айтишича, миллий санъатимизни ўрганиш истагида тўгаракка келаётган ёшларнинг кети узилмайди.

0

Ҳамма бешик қисмларини ўйиш билан машғул…

Саидкомил Хўжаев 2011 йилда Халқ таълими аълочиси нишони билан тақдирланди.

Саидкомил ёғоч ўймакорлиги ускуналарини ҳам ўзи ясайди. Бўш вақтларида ускуналарга буюртмалар бажаради.

Саидкомил Хўжаев ёшларга билим бериш билан бир вақтда изланишни ҳам тўхтатмайди. У санъатга ижодий ёндошишга, янгидан-янги нақш композицияларини яратишга интилади.

a

b

Саидкомилнинг айтишича, Сулаймон Хўжаев ва Ортиқ Файзуллаев каби забардаст усталарнинг ижодлари унга илҳом бағшлайди. Унинг ижодини кузатган киши ёғоч ўймакорлигининг Тошкент мактаби анъаналарини кузатиши мумкин.


Саидкомил Хўжаев эришган ютуқлари билан чекланиб қолмай, ўз олдига ҳали кўп мақсадларни қўйган.

Мулоҳазалар йўқ

Мулоҳаза қолдиринг