Ўзбекистон халқ устаси Сулаймон Хўжаев

Ёғоч ўймакорлиги санъати ўзбек халқининг кенг тарқалган ва қадимги санъат турларидан саналади.

Ўзбек ёғоч ўймакорлари ижодида ёғоч ўймакорлигининг уч услубини кузатиш мумкин:

  1. Боғдодий – Геометрик нақшлар билан ўйиш
  2. Ислимий – Ўсимликсимон нақшлар билан ўйиш
  3. Паргори – Айлана тўрли нақшлар билан ўйиш

Бугунги мақоламизда ўз ижодини паргори деб аталувчи услубга бағишлаган машҳур Ўзбекистон халқ устаси Сулаймон Хўжаев ҳақида сўз юритамиз.


Сулаймон Хўжаев

Ўзига хос услуб бўлмиш паргори айлана тўрли нақшлардан ташкил топади. Ушбу услуб номи паргор – циркул маъносини билдиради. Паргори услубида нақшлар майда бўлиб, теккис рельефли (юза ўйма) кўринишида бўлади. Замин (фон) чуқурлиги саёз бўлиб, 1,0-1,5 мм ни ташкил этади.

Паргори нақшли андазалар

Паргори техникаси анча мураккаб бўлиб, нақш композицияларини тузишда уста геометрия билимларига ва сабр-тоқатга эга бўлиши керак. Чунки майда нақшларни ўйиш кўп вақт талаб этадиган машаққатли ишдир.

Паргори услубини келиб чиқиш вақти аниқ эмас. Чунки бу услубнинг эски намуналари топилган эмас.

Баъзи санъатшуносларнинг фикрича паргори услуби XIX асрнинг охирида пайдо бўлган.

XIX аср охири –XX аср бошларида паргори услуби Тошкент ва Қўқонда тарқалган. Қўқондан Хайдар Нажмиддинов ва у кишининг фарзандлари Қодир Хайдаровлар паргори усталари сифатида машхурдир.

Қодир Хайдаровнинг паргори услубида бажарган ишлари

Сулаймон Хўжаев 1866 йилда Тошкентнинг Сузук ота махалласида туғилганлар. Оталари Насруллохўжа дурадгорлар сулоласидан бўлиб, дурадгорлик ва панжара санъати устаси бўлганлар.

Болаликда Сулаймон мактабда ўқиш билан бирга отасига устачиликда ёрдамлашарди.

Кейин у уста Искандар Мирзаёқубов қўл остида ишлади ва ёғочга ишлов бериш маҳоратини эгаллади. Кейинроқ Сулаймон ёғоч ўймакорлигига бўлган қизиқиш остида уша пайтдаги машҳур кекса ёғоч ўймакор Тошпўлат Аюбхўжаевга шогирд тушди.


Уста Сулаймон иш устида

Сулаймон ёғоч ўймакорлик санъатининг машаққатли йўлини босиб ўтишга интилди ва аста секин бу қизиқарли санъатнинг сир-асрорларини эгаллай бошлади. Уста Сулаймон устозининг вафотидан сўнг мазкур санъатнинг давомчиси бўлиб қолди. Устозидан унга ўймакорлик ускуналари эсдалик бўлиб қолди.


Устанинг ўймакорлик асбоблари

Сулаймон Хўжаев мустақил равишда ўйма уй-рўзғор буюмлари учун буюртмаларни бажарарди. Бундай буюртмалар тушмаганда эса, дурадгорчилик билан шуғулланиб эшик ромлар ясарди. Устага ёғоч ўймакорлар авлодидан бўлган турмуш ўртоғи Шарофат Атаходжаева ёрдам берарди.

XX аср бошларида олти ва саккиз қиррали ўйма стол-стулларга ва кичик буюмларга талаб ортиши кетидан уста Тошкентдаги мебел дуконининг буюртмаларини бажариб фақатгина ўймакорлик билан шуғулланди.


Саккиз қиррали паргори услубида ўйилган стол

Уста Сулаймон жуда хам ғайратли қизиқувчан билимдон киши эди. У кўп мамлакатларга сафар қилди ва бир қанча шарқ тилларини биларди. Макка Истанбул, Аддис-Абебе ва бошқа шахарларда бўлиб у ерларнинг халқлари санъати билан танишди.

Уста Сулаймон Тошкентдаги рус дурадгор ва ўймакорлари билан бажонудил мулоқот қиларди. Уларнинг маслаҳати билан у ўйма стол ва қуш қафасини Иккинчи Бутунроссия маданият кўргазмасига (1913) юборди. Унинг ишлари диплом ва «Фойдали мехнатлари учун» катта бронза медали билан тақдирланди.

Кўп йиллар уста Сулаймон Тошкентдаги турли ўқув ва ишлаб чиқариш муассасаларида дурадгорлик ишлари бўйича маслаҳатчи ва бадиий ёғоч ўймакорлигидан ўқитувчи бўлиб ишлади.

1935 йилда уста Тошкент тўқимачилик комбинатининг читгарлик фабрикасида маслахатчи рассом сифатида ишлади.

Уста Сулаймон ижодий ишдан узоқлашмади. Бу вақтга келиб унинг ишлари бир неча бор республика ва бутуниттифоқ кўргазмаларида муваффақиятли намойиш қилинди. Моҳирлик билан бажарилган Сулаймоннинг ишлари 1937 йилда Парижда ўтказилган Халқаро кўргазмада бошқа ўзбек ўймакорлари ишлари қаторида катта эътибор қозонди. Ўзбекистон мазкур кўргазмада ёғоч ўймакорлиги бўйича олтин медалга сазовор бўлган эди.

Сулаймон Хўжаев ижодидан айрим намуналар

Уста Сулаймон ўзбек халқ усталари орасида 1932 йилда илк бор меҳнат қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.

Уста Сулаймон 1947 йилда 81 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Унинг ижод намуналари Ўзбекистон музейларида ва Москвадаги шарқ маданияти музейида сақланади.

Уста Сулаймон ўзидан кейин Муҳаммадвали Асқаров (1909-1949) Мақсуд Қосимов (1905-1965) каби иқтидорли шогирдлар қолдирди.

Сулаймон Хўжаев томонидан яратилган нақш композициялар қарийб бир асрдан бери ҳозирги кунимизга қадар ўзбек усталари томонидан қўлланиб келинмоқда.

Паргори услубида бажарилган турли ишлар

Мақола «Паргори» (1958 й.) китоби асосида тайёрланди.

Мулоҳазалар йўқ

Мулоҳаза қолдиринг